Амир Темурнинг тарихий хизматлари қанчалик улуғ бўлса, унинг фазилатлари ҳам шунча шарафли. У – энг аввало, буюк давлат арбоби, марказлашган давлатнинг асосчиси, қонунчилик ва адолатга таянган ҳукмдор. Буюк давлат арбоби сифатида ҳам, истеъдодли саркарда сифатида ҳам етти иқлимга машҳур бўлди. Соҳибқирон яратган марказлашган давлатнинг маъмурий ҳуқуқий, ижтимоий – маънавият тизимларини ўрганишга бағишланган ўнлаб асарлар яратилди ва ҳозирда ҳам ёзилмоқда. Бу бежиз эмас, чунки ўрта асрлар тарихида, узлуксиз босқинчилик урушлари пайтида ўзининг ҳудудий ўрни жиҳатидан жуда улкан давлатни яратиш ва бошқариш учун нодир қобилият, нодир ақл – заковат, улкан тадбиркорлик ва шижоат зарур эди. Мана шундай даҳо фазилатларнинг Амир Темур сиймосида мужассам бўлганлиги халқнинг озодликка ва адолатга бўлган орзусини амалга ошувига имконият яратди. Улкан маънавиятимизнинг ўзак томири бўлган Амир Темур сиймоси, унинг мустақил давлат яратиш салоҳияти ҳақида ўйлар эканмиз, элу юртимизни бугунги истиқлолга етаклаган, унга жуда катта тадбиркорлик ва шижоат билан йўлбошчилик қилаётган Президентимиз И.А.Каримовнинг давлатимизни бошқаришда қонунчилик ва адолатга таяниши кўз олдимизга келади. Дарвоқе, юртбошимиз “Амир Темур даврини бошқатдан ўрганишимиз лозим. Нега деганда “Темур тузуклари”ни ўқисам, худди бугунги замоннинг катта – катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан”, деган эди. Амир Темур марказлашган давлат тизимини яратдики, бу дунёвий тараққийпарвар улкан ҳодиса ҳисобланади. Шунингдек, иқтисодий муносабатларнинг ривожи учун деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдода муайян шарт – шароитлар, тартиб – қоидаларни давлат сиёсати тарзида амалга оширди. Солиқ тизими, мулкчиликда давлат ва жамият манфаатларига асосланиш, илм – фан, маънавият ва маърифатга ғамхўрлик қилиш, ташқи сиёсатда тадбиркорлик ва қатъиятликка таянишда ҳам ўз замонаси учун кўплаб янгиликлар яратди.